Малида жангарилар мақбараларни бузмоқда

Европа Иттифоқи Мали шимолидаги Тимбукту шаҳрида ЮНЕСКО жаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий ёдгорликлар жангарилар томонидан бузиб ташланаётганига салбий муносабатини билдирди.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича вакили Кэтрин Эштон тарихий обидаларнинг бузилишини “ёввойилик ва шафқатсизлик” деб атади. Унга кўра, бу ҳудуддаги тарихий обидалар нафақат Мали, балки жаҳон маданий ҳазинаси ҳисобланади.

Малидаги Тимбукту ва бир қатор шаҳарларни назорат қилаётган “Ансар ад Дин” гуруҳи жангарилари XV асрда қад кўтарган масжид атрофида камида етти мақбарани вайрон этган. Жангарилар мақбара қуриш ислом дини меъёрларига зид келишини иддао қилмоқда.