Донор давлатлар Афғонистонга $ 16 миллиард ваъда қилди

Япония пойтахти Токиода Афғонистонга бағишланган донор давлатлар анжумани бўлиб ўтди.

8 июл кунги йиғилишда хориж қўшинлари 2014 йилда Афғонистондан олиб чиқилганидан сўнг бу мамлакатга ёрдам кўрсатиш масаласи муҳокама қилинди.

Анжуманида қатнашган қарийб 70 давлат расмийлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари 2015 йилга қадар Афғонистонга 16 миллиард АҚШ доллари ҳажмида ёрдам беришга қарор қилди.

Донор давлатлар вакиллари Афғонистонга ёрдам кўрсатиш 2017 йилда ҳам давом этишини ваъда қилди.

8 июл куни Токиода Япония Ташқи ишлар вазири билан ўтказган матбуот конференциясида АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон анжуман натижаси ҳақида буларни айтди.

- Халқаро ҳамжамият саъй ҳаракатидан сўнг Япония келаси тўрт йилда Афғонистондаги ривожланишни дастаклаш учун 16 миллиард доллар ваъда қилинганини эълон қилди. Бу Жаҳон банки талабидан анча кўп, деди Ҳ.Клинтон.

Токио анжуманида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.