Карзай: Толиблар расмий Кобул билан музокарага тайёр

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай Токиодаги Миллий матбуот клубида нутқ сўзламоқда, 2012 йилнинг 9 июли.

Афғонистонлик толиблар илк бор Кобулда расмийлар билан музокара ўтказишга қизиқиш билдирганлар. Бу ҳақда Афғонистон президенти Ҳамид Карзай душанба куни Токиода маълум қилди.

Унинг айтишича, Толибон вакиллари турли мухолиф гуруҳлар билан алоқа ўрнатиш учун афғон расмийлари томонидан ташкилот - Афғонистон тинчлик кенгаши аъзолари билан икки ҳафта муқаддам Япониянинг Киото шаҳрида учрашган.

Учрашув чоғида, Карзайга кўра, Толибоннинг юқори лавозимли масъулларидан бири Қори Дин Муҳаммад “тинчлик қарор топиши” учун расмийлар билан бевосита алоқага чиқишга тайёр эканини билдирган.

Толибон ҳаракати вакили Забиуллоҳ Мужоҳид журналистларга толиблар ҳақиқатан ҳам Киотодаги учрашувда иштирок этганларини тасдиқлади, бироқ учрашув сўнгида ҳеч қандай қарор қабул қилинмаганини ва расмийлар билан бундан буён алоқа қилиниши ҳақида ваъдалар берилмаганини қайд этди.