Давлат думаси Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишини маъқуллади

Россия Давлат Думаси мамлакат Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши ҳақидаги келишувни 238 га 208 қарши овоз билан маъқуллади.

Думадаги ҳукмрон Единая партия вакилларининг ҳаммаси келишувни ёқлаб, қолган учта партия вакиллари унга қарши овоз бердилар.

Ўтган ҳафтада бир гуруҳ депутатлар Конституциявий судга мурожаат қилиб мазкур келишув Конституцияга зид эмаслигини ўрганиб чиқишни сўраган эди. Конституциявий суд келишувни қонуний деб топди.

18 йил давомида олиб борилган музокаралардан сўнг ниҳоят Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши ҳақидаги келишув 2011 йил декабр ойида имзоланган эди.

Россия келишув ратификация қилингани тўғрисида Жаҳон савдо ташкилотига маълум қилганидан 30 кун ўтиб ташкилотга аъзо бўлади.