Пенсия олиш учун суғурта бадали тўлаш шарт

Қўшни республикаларга мардикорликка чиқаётган аёллар ҳам даромадидан 5,5 фоиз суғурта бадалини тўлашса, келгусида пенсига умид қилишлари мумкин.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 184-қарори билан нафақа тўлаш борасидаги низомга ўзгартиш киритди. Бу ўзгартишга кўра, келгусида давлатдан пенсия олиш илинжида бўлган чорвадор ва деҳқонлар ҳар йили бир марта суғурта бадали тўлаши шарт.
Айни қарор мамлакат ташқарисидаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг нафақа олиш истиқболига ҳам аниқлик киритди.

Мамлакат ташқарисида ишлаëтган Ўзбекистон фуқаролари даромадларининг 5,5 фоизи миқдорда мажбурий суғурта бадали тўлашсагина¸ пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлишади.

Ўзбекистон Молия вазирлиги бюджетдан ташқари пенсия таъминоти бўлимининг ўзини Равшан деб таништирган мутахассиси бу ўзгартишларни Озодлик тингловчилари учун изоҳлашга рози бўлди.

Суҳбатдошга кўра, аҳолига пенсия тўлаш ҳақидаги қонун ўзгарганидан кейин Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси бу қонун руҳидан келиб чиқиб низомга ўзгартиш киритган.

- Бу низомга кўра, пенсия олишни истаган молбоқар ëки деҳқонлар мажбурий тарзда бир йилда бир марта республикадаги энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорда суғурта бадали тўлайди, молия вазирлиги вакили.

Унинг айтишича, бундан буëн Ўзбекистонда суғурта бадали тўламаган одамга пенсия тайинланмайди:

- Суғурта бадаллари деган нарса бор. Давлат пенсия таъминотидан пенсия олиш учун фуқаро бутун умр суғурта бадали тўлаб юрган бўлиши шарт. Бу ҳолат Пенсия қонунининг 37-бандида аниқ ëзиб қўйилган, дейди мулозим.

Шаҳрисабзда чорвачилик қиладиган Муҳаммаджон ака, нега оғилдаги сигир учун мажбурий бадал тўлаши зарурлигини тушуниб етмаганлигини айтади.

Муҳаммаджон аканинг бу саволини Молия вазирлиги мулозимига эшиттирдик.

Мулозим мажбурий суғурта бадалининг даромад солиғидан фарқли эканига эътибор қаратиб, шаҳрисабзлик чорвадорни тинчлантирди:

- Даромад солиғи чорвадорга қайтарилмайди, аммо суғурта бадали тўласангиз келажакда пенсия оласизку. Бу ҳалиги одамларни чўнтагидаги пулни олиб қўйиб бирор нарсани қилишмас. Ахир ўша пулни пенсия қилиб қайтариб оладику. Бу ўзи учун. Деҳқон ҳўжаликлар, чорвадорлар суғурта тўласа, пенсия олади тўламаса, олмайди. Вассалом, дейди суҳбатдош.

Меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонда пенсия олиши мумкин


Бунинг учун меҳнат муҳожири мамлакат ташқарисида олаëтган ойлик маошидан 5,5 фоизини Ўзбекистон пенсия жамғармасига ўтказиб туриши керак, дейди Ўзбекистон Молия вазирлиги бюджетдан ташқари пенсия таъминоти бўлими мулозими.

- Уларнинг иш берувчи билан шартномасига асосан ойлик иш ҳақининг 5,5 фоизи ўн йил мобайнида Ўзбекистон Пенсия жамғармасига ўтказилиб тургани ҳужжат билан тасдиқлансагина, уларга пенсия тайинланиши мумкин дейди мулозим.

Қонун чекловлари энди кучга киради


Ҳозир Бухоронинг Пешку туманида истиқомат қиладиган пенсионер Асад ака Абдуллаев бу қонуннинг ўзи олаëтган пенсияга таъсири билан қизиқди.

Пенсиям бу янги низомга кўра қайта ҳисобланиб камайиб қолмайдими, деб ташвиш билдирди Асад ака.

Ўзбекистон Молия вазирлиги ходимининг Озодликка билдиришича, низомдаги ўзгартишлар нафақани энди расмийлатирмоқчи бўлганларга тааллуқлидир.

- Қонун ўзгаришидан олдин расмийлаштирганларнинг ҳолати ўзгармасдан қолаверади. Ташвишга ҳожат йўқ, дейди мулозим.

Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги 938-ХII-сонли қонуни мамлакат фуқароларининг нафақа таъминотини тартибга солувчи илк қонун бўлди.

Бу қонун қабул қилинганидан бери ўтган 19 йил мобайнида унга 8 марта ўзгартиш киритилди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Пенсия олиш учун суғурта бадали тўлаш шарт


YouTubeда тинглаш