Қирғизистон Россия ҳарбий объектлари ижара ҳақини оширмоқчи

Қирғизистон ўз ҳудудидаги Россия ҳарбий иншоотлари ижара ҳаққини оширмоқчи. Бу ҳақда Қирғизистон мудофаа вазири Таалайбек Ўмуралиев маълум қилди.

Вазирнинг айтишича, бундай талаб инфляция даражасининг ўсиб бораётгани туфайли кун тартибига қўйилган. Қирғизистон 2014 йилдан бошлаб Россия ҳарбий денгиз флоти қуроларини синаш базаси, 338-алоқа тармоғи ва Россия Мудофаа вазирлиги махсус назорат хизматининг сейсмик пункти учун олинадиган ижара ҳақи борасида Москва билан музокаралар ўтказади.

“Қантдаги Россия ҳарбий базаси Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти манфаатларини кўзлагани сабабли бу база учун ижара ҳақи талаб қилмаймиз”, деб билдирган Қирғизистон мудофаа вазири.

Маълумотга кўра, Қирғизистонда Россиянинг 5 та ҳарбий иншооти мавжуд.