Кофи Аннан Суриядаги қатлиомни кескин қоралади

Треймса қишлоғида ўлдирилгани айтилаётган одамларнинг жасадлари, 2012 йил 13 июл.

БМТ-Араб Лигасининг Сурия бўйича махсус вакили Кофи Аннан Суриянинг Ҳама вилоятида тинч аҳолидан 200 дан ортиқ одам ўлдирилганини кескин қоралади.

Аннан ҳужум вертолёт ва танклар иштирокида амалга оширилганидан даҳшатга тушганини айтди.

БМТ-Араб Лигаси вакили Сурия ҳукумати оғир қуроллардан фойдаланмаслик ҳақида берган ваъдасини бузганини қўшимча қилди.

Айни пайтда, АҚШ Сурия ҳукумати расмийларини кимёвий қуроллар хавфсизлигини таъминлай олмаса, бунинг учун улар масъул бўлишидан огоҳлантирди.

Давлат Департаментининг шу ҳақдаги баёноти “The Wall Street Journal” Суриянинг кимёвий қуроллари омборлардан олиб чиқилгани хусусида АҚШ расмийлари ҳавотир билдирганини хабар қилганидан сўнг эълон қилинди.