БМТ кузатувчилари: Тремсадаги нишон мухолифатчиларнинг уйлари бўлган

Суриядаги БМТ кузатувчилари миссияси раҳбари генерал Роберт Муд.

Суриянинг Тремса қишлоғида асосий нишон мухолифат фаоллари ва Башар Ассаднинг рақибларига қўшилган ҳарбийларнинг уйлари бўлган. Бу ҳақда шанба куни мазкур қишлоққа ташриф буюрган БМТ кузатувчилари билдирди.

Халқаро экспертлар Тремсага қилинган ҳужумда оғир қуроллар, шу жумладан, тўплар ишга солинганини қайд этмоқдалар.

Мухолифат вакиллари ҳукумат кучлари томонидан Тремсага қилинган ҳужумда 200 дан зиёд киши қурбон бўлганини таъкидламоқда. Агар бу маълумотлар тасдиқланса, Тремсадаги фожеа Сурияда 16 ойдан буён давом этаётган зиддиятнинг энг қонли саҳифасига айланади.

Мазкур қишлоқдаги воқеалар юзасидан изоҳ берган расмий Дамашқ Тремсада “террорчилар”га қарши амалиёт ўтказилганини билдирди.

Шанба куни Суриянинг Хомс вилоятида содир бўлган қуролли тўқнашувларда, ҳуқуқ фаоллари берган маълумотларга кўра, камида беш киши ҳалок бўлган.