Ўзбекистон чегарадаги отишма учун масъулиятни Қирғизистон зиммасига юклади

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Чегарани қўриқлаш қўмитаси 17 июл куни ўзбек-қирғиз чегарасида содир этилган отишма учун масъулиятни Қирғизистон зиммасига юклади.

Ўзбекистон Чегарани қўриқлаш қўмитаси матбуот хизмати тарқатган маълумотда айтилишича, Наманган вилояти Чуст туманида жойлашган Ғова чегара пунктида чегарачилар ҳужжатсиз юк автомашиналарини ўтказишдан бош тортган. Шундан сўнг ўзбек чегарачиларига қўшни Қирғизистоннинг Булоқбоши қишлоғи аҳолиси таҳдид қилган. Ўзбек чегарачилари маҳаллий аҳоли қуршовидан чиқиб кетаётганида Қирғизистоннинг “Бўри” махсус отрядининг 14 ҳарбийси ўзбек чегарачиларини ўққа тутган.

Чегарани қўриқлаш қўмитаси баёнотида қирғизистонликлар ва қирғиз чегарачиларининг ҳаракатлари “қуролланган босқинчилик” сифатида талқин этилади.

Баёнотда тўқнашув оқибатида оддий аскар И.Иброҳимов ҳалок бўлгани ва сержант И.Эшназаров оғир яралангани маълум қилинган.

Аввалроқ қирғиз томони отишмани ўзбек чегарачилари бошлаганини билдирган эди. Ўзбек-қирғиз чегарасидаги отишмада бир қирғиз чегарачиси ўлган, икки одам яраланган.