Суриялик исёнчилар чегара текширув пунктларини ишғол қилди

Туркия чегарасидаги Суриянинг Баб Ал-Ҳава текширув пункти, Идлиб вилояти, 2012 йил 19 июл.

Сурияда исёнчи гуруҳлар Ироқ ва Туркия чегарасидаги бир неча текширув пунктини босиб олди.

Ғарб ахборот агентликлари хабарига кўра, исёнчилар бир неча чегара текширув пунктига ҳужум қилган.

Ҳукумат ҳарбийларидан 21 нафари ўлдирилганидан сўнг Ироқ билан чегарадаги Абу Камол текширув пункти исёнчилар назоратига ўтган.

Ироқ Ички ишлар вазири ўринбосари Аднан Ал-Ассаднинг Франс пресс ахборот агентлигига айтишича, Озод Сурия Армияси партизанлари Ироқ ва Сурия чегарасидаги барча текширув пунктларини ўз назоратига олган.

Вазир ўринбосарининг ушбу иддаоси ҳозирча мустақил манбалар томонидан тасдиқланмади.

Суриялик исёнчилар Туркия чегарасидаги Баб Ал-Ҳава ва Йараблус текширув пунктларини ҳам ишғол қилган.

Айни пайтда, Россия ва Хитой Сурия Президенти Башар Ал-Ассад режимига қарши янги санкциялар жорий қилиш ҳамда Суриядаги БМТ кузатувчилар миссияси муддатини узайтиришни назарда тутган БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясига вето қўйди.