Дамашқда кўча жанглари давом этмоқда

Сурияда икки кундан бери давом этаётган қақшатғич кўча жанглари оқибатида 470 одам ҳалок бўлди, 30 минг одам мамлакатни тарк этди.
Сурияда зўравонликлар кўпайиши оқибатида минглаб одамлар мамлакатни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлмоқда. БМТнинг Қочиқинлар иши бўйича Олий комиссарлиги тарқатган маълумотда айтилишича, сўнги икки кун мобайнида 8 мингдан 30 минггача бўлган тинч аҳоли Суриядан Ливанга қочиб ўтган.

БМТ мутахасисларига кўра, сўнгги ойларда бир миллионга яқин суриялик ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Бир пайтлар ўз мамлакатларидаги оғир вазият сабабли қочқинлик олган ироқликлар ҳам Ироққа қайтаётганлари тўғрисида маълумотлар бор.

Суриялик фаоллар эса мамлакатдаги зўравонликларда қурбон бўлаётганлар сони соат сайин ошиб бораётганини билдирмоқдалар. Хабарларда сўнгги икки кун мобайнида Сурияда 470 одам ҳалок бўлгани айтилмоқда. БМТ ҳисоб китобларига кўра, 16 ойдан бери давом этаётган зўравонликлар оқибатида 15 мингдан зиёд одам ўлдирилган

Халқаро ҳамжамият зўравонликлар ва тинч аҳоли орасидаги қурбонлар учун масъулиятни президент Башар Асад режими зиммасига юклаган эди. Amnesty International халқаро ташкилоти эса куни кеча қурбонлар учун ҳукумат билан бир қаторда исёнчилар ҳам айбдор экани тўғрисида баёнот берди.

Аввалроқ айрим манбалар президент Башар Асад “ўзини камситмайдиган шартлар қўйилса” истеъфога чиқишга тайёр экани ҳақида хабар тарқатганди. Бироқ Сурия Ахборот вазирлиги 20 июл куни бу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди.

Айни пайтда Сурия пойтахти Дамашқда исёнчилар билан кўча жанглари тўхтамаётгани ҳақида хабарлар олинмоқда. Сўнгги маълумотда айтилишича, ҳукумат кучлари Дамашқдаги Мидан мавзесини исёнчилардан тозалашга муваффақ бўлган. Жанглар Дамашқнинг бошқа мавзеларида ва Алеппо шаҳрида ҳам бораётгани айтилмоқда.

БМТ Хавфсизлик кенгаши халқаро кузатувчилар гуруҳининг жума куни якунланиши лозим бўлган ваколатларини яна 30 кунга узайтирди.

АҚШ президенти Барак Обама эса рамазон ойи муносабати билан дунё мусулмонларига йўллаган табригида Қўшма Штатлар ўз тақдирини ўзи ҳал этишни истаган, қўрқув ва зўравонликлардан ҳоли бўлган мамлакатда яшашни хоҳлаётган сурияликларни қўллаб-қувватлашини билдирган.