АҚШ Алеппога Сурия ҳукумати қўшинлари жамланаётганидан ташвиш билдирди

Қўшма Штатлар Cурия ҳукумат қўшинларининг Алеппо шаҳри атрофига жалб қилинаётганидан ташвиш билдирди.

АҚШ Давлат департаменти Алеппо шаҳрига танклардан иборат колонна яқинлашаётгани ҳақида ишончли маълумотлар олинганини маълум қилди. Вашингтон нуқтаи назарича кучларнинг бир жойга жамланиши исёнчиларга қақшатғич зарба берилишига тайёргарлик кўрилаётганидан далолатдир.

Икки миллион аҳоли яшайдиган Алеппо шаҳри Суриянинг иқтисодий марказларидан бири ҳисобланади. Маълумотларга кўра, мазкур шаҳарни назорат қилаётган исёнчилар ҳам ҳукумат қўшинлари зарбасини қайтариш учун тайёргарлик кўрмоқда.

Пайшанба куни ҳукумат қўшинларининг артилерия ҳужуми оқибатида Алеппода ўттиздан ортиқ одам ҳалок бўлган.