Тоғли Бадахшонда милиция отрядига ҳужум қилинди

Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида номаълум шахслар йўл бўйидаги ошхонада овқатланаётган милиция махсус отрядига ҳужум қилди. Маълумотга кўра, отряднинг уч жангчиси яраланган ва касалхонага ётқизилган.

Йигирма кишидан иборат бўлган милиция махсус отряди мухтор вилоят маркази Хоруғ шаҳрига кетаётган бўлган .

Айни пайтда Вашингтонда пайшанба куни АҚШда яшаётган йигирмага яқин тожикистонлик Тожикистон элчихонаси олдида Тоғли Бадахшонда ўтказилган ҳарбий амалиётга норозилик сифатида пикет ўтказди.

Тоғли Бадахшонда юқори мартабали чекист, генерал Абдулло Назаров қотилларини қўлга олиш юзасидан 24-25 июл кунлари ўтказилган ҳарбий амалиётда 42 одамнинг ўлдирилгани хабар қилинган эди.