Олимпиадада арабистонлик спортчининг ҳижоб кийиши тақиқланди

Дзюдо халқаро федерацияси Саудия Арабистони спортчиси Вожан Шаҳирхонийга Лондон Олимпиадаси доирасида ўтказиладиган мусобақаларда ҳижобда иштирок этишни тақиқлади.

Қарорда айтилишича, 18 ёшли спортчи қиз мусобақада дзюдо қоидаларига мувофиқ боши очиқ ҳолда иштирок этиши шарт. Дзюдо халқаро федерацияси спортнинг мазкур турида спортчилар хавфсизлигига алоҳида эътибор берилишини, ҳижоб спортчи саломатлигига зиён етказиши мумкинлигини билдирган.

Шаҳрихоний ва келиб чиқиши америкалик бўлган енгил атлетикачи Сора Аттор Саудия Арабистонидан Олимпиадада қатнашаётган биринчи аёллардир. Саудия Арабистони ҳукумати бу икки аёлни Халқаро олимпия қўмитаси ва ҳуқуқ фаоллари босими остида ўз Олимпиада терма жамоасига киритишга мажбур бўлган эди.