Колорадо қотилига нисбатан расмий айблов эълон қилинди

АҚШнинг Колорадо штатидаги кинотеатрда томошабинларни ўққа тутган Жеймс Ҳолмсга нисбатан расмий айбловлар эълон қилинди.

12 кишини ўлдирган ва яна 58 кишини яралаган Ҳолмсга жами 142 айблов қўйилди.

Ҳар бир жиноий пункт бўйича икки банддан айбланган Жеймс Ҳолмс жами 24 биринчи даражали қотиллик ва 116 суиқасдда айбланмоқда.

АҚШ қонунларига кўра, биринчи даражали қотиллик учун судланувчи бир умрлик қамоқ жазоси ёки энг олий жазо - ўлимга ҳукм қилиниши мумкин.

24 ёшли Жеймс Ҳолмс уй шароитида портловчи модда ясагани учун ҳам суд олдида жавоб бериши кутилмоқда.

Ҳолмсни қотилликка ундаган сабаблар ҳозирча ошкор этилмаяпти.