Хитойлик бадминтончилар кечирим сўрашди

Лондон Олимпиада мусобоқаларидан четлатилган хитойлик бадминтончилар ўз ишқибозларидан кечирим сўрашлари кутилмоқда.

Бадминтон бўйича Хитой Олимпия терма жамоаси мураббийси Ли Юнбо аллақачон узр сўради.

– Мураббий сифатида мен бадминтон ишқибозлари ва хитойлик томошабинлардан кечирим сўрайман, ўйинчиларимиз ҳар галгидек яхши ўйин намаён эта олишмагани, бу менинг айбим - деб айтган Ли Юнбо.

Гап шундаки хитойлик бадминтончилар Ю Ян ва унинг жамоадоши Ван Сяоли гуруҳ беллашувларида атайлаб рақибларига ютқазишга ҳаракат қилгани учун мусобоқалардан четлатилди.

Айтилишича, улар кейинги босқичда ўзларига қулай рақибга эга бўлиш учун шундай йўл тутишган.