Украинада Тимошенкони озод қилиш чақириқлари кучаймоқда

Украина собиқ бош вазир Юлия Тимошенко 2011 йилнинг 5 августида ҳибс этилганди.

Собиқ бош вазир Юлия Тимошенко қамалганига бир йил тўлиши муносабати билан Украина мухолифати вакиллари уни Харков касалхонасига кўргани борди. 7 йилга озодликдан маҳрум этилган Тимошенко айни пайтда шифохонада экани ҳақида аввалги дастурларимизда хабар қилгандик.

Кеча собиқ бош вазир зиёратига борган украиналик мухолифатчилар Тимошенкога 365 та атиргул олиб борганлар.

“Ўзгаришлар жабҳаси” партияси лидери Арсений Яценюк Харковда журналистларга мурожаат қиларкан, бу Тимошенкога қамоқхонада совға қилинаётган сўнгги гуллар бўлишига умид билдирди.

Киевда эса якшанба куни собиқ бош вазир тарафдорлари Днепр устига қурилган кўприкка “Юляга озодлик!” чақириғи ёзилган баннер илиб қўйганлар ва Печёра суди ёнидаги чодир шаҳарчасида Тимошенкога бағишланган фотокўргазма очганлар.

Озодликнинг Киевдаги мухбирларига кўра, Украина пойтахтининг аксар кўчаларида шу кунда Тимошенко тасвири туширилган ҳамда “Тутқунликда 365 кун. У сингани йўқ, сенчи?” деб ёзилган стикерлар пайдо бўлган.

Украина собиқ бош вазири Юлия Тимошенко бундан роса бир йил муқаддам ҳибсга олинганди. Орадан бир неча ой ўтгач, Киевнинг Печёра туман суди уни Россия билан газ шартномаси имзолашда ваколатларини ошириб юборганликда айблаб, етти йилга озодликдан маҳрум қилганди.