Ливияда Қизил Хоч идорасига ҳужум уюштирилди

Ливиянинг Мисрата шаҳрида якшанба куни Халқаро Қизил Хоч қўмитаси биносига ҳужум қилинди.

Ҳужумчилар гранатомётлардан фойдаланганлар.

Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакили бинога сезиларли даражада шикаст етказилганини билдирди.

Ҳужум чоғида бино ичида етти киши бўлгани, улардан ҳеч ким жароҳат олмагани айтилмоқда.

Мазкур нохуш ҳодисадан кейин Қизил Хочнинг барча ходимлари Мисрата ва Бенғозидан пойтахтдан Триполига кўчирилган.

Қизил Хоч баёнотида бу сўнгги уч ой ичида халқаро инсонпарварлик ташкилотининг Мисрата ва Бенғозидаги офисларига уюштирилаётган бешинчи ҳужум экани айтилган.