Алеппога инсонпарварлик ёрдами келтирилди

Халқаро Қизил хоч қўмитаси жанглар бошланганидан бери биринчи маротаба Суриянинг Алеппо (Ҳалаб) шаҳрига озиқ-овқат ва дори-дармондан иборат инсонпарварлик ёрдамини киритишга муваффақ бўлди.

Мазкур ташкилот тарқатган хабарда айтилишича, ҳукумат кучлари ва исёнчилар ўртасида жанглар давом этаётганига қарамай, инсонпарварлик ёрдами шаҳарга олиб келинган.

Суриялик фаолларга кўра, пайшанба куни мамлакат бўйлаб ўтказилган ҳарбий амалиётларда 100 одам ҳалок бўлган.

Алепподаги жанглар 28 июлдан бери давом этмоқда. Исёнчилар Алеппонинг Салоҳутдин тумани ҳукумат кучлари назоратига ўтганини билдирди. Жанглар Cуриянинг бошқа ҳудудларида, жумладан, пойтахт Дамашқ атрофида ҳам давом этмоқда.