Клинтон Туркия ТИ вазири билан Сурия масаласини муҳокама қилди

АҚШ Давлат котиби Ҳ.Клинтон ва Туркия ТИ вазири А.Довутўғли, Истанбул ш., 2012 йил 11 август.

АҚШ ва Туркия Суриядаги исёнчи гуруҳларга ёрдам бериш мақсадида Сурия узра учиш таъқиқланган ҳудуд жорий қилиш ва бошқа масалаларни муҳокама қилмоқда.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон 11 август куни Истанбулда Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли билан учрашди.

Музокарадан сўнг Клинтон Анқара ва Вашингтон Сурия Президенти Башар Ал-Ассад режимига қарши қуролли кураш олиб бораётган гуруҳларга ёрдам бериш мақсадида оператив ҳаракатлар режасини кенгайтиришни хоҳлашини айтди.

- Бугун биз Сурия мухолифатини қўллаб-қувватлаш бўйича муштарак оператив ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш учун Америка ва Туркия вакиллари таклифини солиштирдик. Биз Суриядаги зўравонликларга тезроқ барҳам бериш учун ўзаро ҳамкорлик ва бошқа давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласини ҳам муҳокама қилдик, деди АҚШ Давлат котиби.

Ҳиллари Клинтон суриялик исёнчилар назорат қилаётгани айтилаётган ҳудуд узра парвоз таъқиқланган зона жорий қилиш бир чора экани ва бу масала чуқур таҳлилни талаб этишини қўшимча қилди.