Эронда зилзила қурбонлари сони 306 кишига етди

Эроннинг Варзақон шаҳри яқинидаги Баже-Бай қишлоғи, 2012 йил 12 август

Эрон расмийлари шанба куни рўй берган иккита кучли зилзила оқибатида ўлганлар сони 306 кишига етганини билдирди.

Соғлиқни сақлаш вазири Мирзиё Воҳид Дастжерди душанба куни парламент аъзоларига табиий офат натижасида 3037 одам жароҳат олганини айтди.

Шанба куни Эроннинг шимоли-ғарбида жойлашган Табризда 11 дақиқа ичида Рихтер ўлчови бўйича 6,4 ва 6,3 магнитудали иккита ер силкиниши ва унинг ортидан ўнлаб кичик тебранишлар рўй берди.

Якшанба куни Эрон Ички ишлар вазири Мустафо Муҳаммад Нажжар табиий офат минтақада жойлашган 600дан ортиқ қишлоқнинг ярмига зарар етказгани ва 16 минг кишига фавқулодда бошпана зарурлигини маълум қилди.