Сурия президентининг вакили Пекинга борди

Сурия Президентининг вакили Бутайна Шаабан.

Сурия Президенти Башар Ал-Ассаднинг вакили Бутайна Шаабан сешанба куни Пекинда Хитой расмийлари билан музокара олиб боради.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Сурия можаросига “сиёсий ечим топишни рағбатлантириш йўлидаги уриниш доирасида” Шаабан Ташқи ишлар вазири Янг Жиечи билан учрашишини билдирди.

Хитой БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ал-Ассад режимига қарши резолюцияси лойиҳасига вето қўйган.

Айни пайтда, гуманитар масалалар бўйича БМТ комиссари Валерие Амос фавқулодда ёрдам аҳолига қандай тақсимланаётгани билан яқиндан танишиш мақсадида бугун Сурияга борди.

Амоснинг ҳукумат расмийлари ва Халқаро Қизил Хоч ташкилоти вакиллари билан учрашиши режаланган.

Сурияда 17 ойдан бери давом этаётгани ҳарбий ҳаракатлар икки миллион аҳолига салбий таъсир этган.

Бир миллион аҳоли эса ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.