Россияда исломий телеканал иш бошлайди

Россияда исломий телеканал очилиши ҳақида Москва муфтийси Албир Крганов маълум қилди.

Рамазон ҳайити куни Россияда “Ал-РТВ” деб номланган биринчи исломий телеканал очилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Россия оммавий ахборот воситаларига мамлакат Мусулмонлар диний бошқармасининг Москва муфтияти раҳбари Албир Крганов маълум қилган.

Унинг айтишича, телеканалда маъвизалар қилинади, Ислом олами тарихи ва маданиятига оид кўрсатувлар намойиш этилади.

Муфтийга кўра, бу православларнинг “Союз” телеканалига ўхшаш дунёвий руҳдаги телеканал бўлади.

Телеканал таъсисчилари орасида Россия Мусулмонлар диний бошқармаси масъулларидан ташқари мусулмон аслли бир қанча журналист ҳам бор.

Мусулмонларнинг диний байрамларида адо этиладиган Ҳайит намозлари Россиянинг 1-канали ва РТР телеканаллари орқали анча йиллардан буён бевосита намойиш этиб келинади.