Триполидаги тўқнашувда беш киши нобуд бўлди

Ливанда Сурия президенти Башар Ассад тарафдорлари ва мухолифлари ўртасида юз берган тўқнашувда 5 киши ҳалок бўлди, яна 43 киши тан жароҳати олди.

Полиция маълумотларига кўра, Триполи шаҳри шимолидаги суннийлар истиқомат қиладиган мавзеда 2 киши, алавийлар яшайдиган мавзеда эса 3 киши ҳалок бўлган. Қурбонлар орасида 13 яшар бола ҳам бўлгани айтилмоқда.

Ливан ҳарбийларига кўра, шаҳарда тўқнашувлар ҳали ҳам давом этаяпти. Маҳаллий аскарлар айни пайтда қурол-аслаҳа ва портловчи моддаларга эга бўлиб олган гуруҳларни излаш билан банд.

Триполида яшовчи суннийлар Башар Ассад режимига қарши, алавийлар жамоаси эса аксинча ўз жамоатидан бўлган Сурия президентини қўллайди.