Афғон разведкаси Ҳаққоний ўлдирилганини тасдиқлади

Ҳаққоний Шимолий Вазиристонда учувчисиз учқич томонидан берилган ҳаво зарбаси натижасида ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Афғонистон разведкаси якшанба куни Покистонда “Ҳаққоний” экстремистик тармоғининг бош дала қўмондони Бадруддин Ҳаққоний ўлдирилганини ўз агентлари тасдиқлаганига оид баёнот тарқатди.

Афғонистон миллий хавфсизлик бошқармаси маълумотларига кўра, Ҳаққоний Покистоннинг жанггарилар фаолият олиб борадиган ҳудудларидан бирида учувчисиз учқич томонидан берилган ҳаво зарбаси натижасида ҳалок бўлган.

Шанба куни Ҳаққонийнинг қариндошларидан бири унинг 21 август куни Шимолий Вазиристонда ўлгани ҳақида айтганди.

Покистон ва АҚШ расмийлари дала қўмондонининг ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотни ҳали тасдиқлагани йўқ. Айни пайтда Толибон ҳаракати Бадруддин Ҳаққоний тирик эканини иддао қилмоқда.