Сурияда "хавфсиз ҳудудлар" яратишда муммолар бор

Буюк Британия ва Франция Ташқи ишлар вазирлари Сурия ичида қочқинчлар учун “хавфсиз ҳудудлар” яратишга қатор тўсқинликлар мавжудлигини маълум қилишди.

Пайшанба куни чиқиш қилган Франция Ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус ва Британия Ташқи ишлар котиби Уилям Ҳаг муаммоларни енгиб ўтиш учун керакли чоралар ҳали ишлаб чиқилмаганини билдиришди.

Шу билан бирга, вазирлар Сурияга юборилаётган гуманитар ёрдам ҳажми кўпайтирилишини ҳам айтиб ўтишди.

Европалик дипломатларнинг чиқиши БМТ Хавфсизлик кенгашининг Суриядаги гуманитар бўҳрон юзасидан йиғини олдидан ташкил қилинди.

Аввалроқ юз мингдан зиёд суриялик қочқинни қабул қилган Туркия Сурияда оддий халқни ҳимоя қилиш учун мамлакат ичида хавфсиз ҳудудларни яратиш ғоясини илгари сурган эди.