Березовский Абрамовичдан 6 миллиард доллар ундира олмади

Борис Березовский ва Роман Абрамович 1990 йилларда бизнес ҳамкор бўлишган.

Россиялик олигарх Борис Березовский Лондон судида россиялик бошқа олигарх Роман Абрамович билан бир неча миллиард долларлик тортишувни бой берди.

Лондон олий суди судьяси Элизабет Глостер Британияда муҳожиратда яшаётган 66 яшар Березовскийнинг Абрамовичдан 6 миллиард АҚШ доллари ундириб бериш тўғрисидаги аризасини рад этди.

Березовский миллиардер, Челси футбол клуби эгаси 45 яшар Роман Абрамовични уни қўрқитиб, “Сибнефт” ширкатидаги акцияларини арзон-гаровга сотишга мажбурлаганликда айблаётган эди.

Березовский шунингдек, аллюминий ишлаб чиқарувчи жаҳондаги энг йирик “Русал” ширкатидаги ўзига қарашли акцияларни Абрамович рухсатсиз сотиб юборганини иддао қилган.

Икки олигарх ўртасида узоқ давом этган судлашув давомида 1990 йилларда Россияда бизнес қандай юритилганига оид тафсилотлар ошкор бўлгани билан жамоатчилик эътиборига тушди.