Европада ишсизлар сони ошмоқда

Европа Иттифоқи статистика идораси эълон қилган рақамларга кўра, евро пул бирилигини ишлатувчи 17 мамлакатда июл ойида ишсизлар сони рекорд даражадаги 18 миллион кишига етган.

Евростат агентлиги эълон қилган маълумотларга кўра, июл ойида ишсизлар сафига яна 88 минг киши қўшилган. Бу билан евроҳудудда ишсизлик евро пул бирлиги 1999 йилда жорий қилинганидан бери рекорд даражадаги 11,3 фоизга чиқди.

Июл ойидаги 18 миллионлик марра, ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 2 миллионга кўпроқдир.

Испания евроҳудуд аъзолари ичида ишсизлик даражаси энг юқори мамлакат бўлиб қолмоқда. Бу мамлакатда ишсизлар сони 25,1 фоизни ташкил қилмоқда.

27 мамлакатни ўз ичига олувчи Европа Иттифоқида эса ишсизлар умумий сони 25 миллионга етиб, 10,4 фоизни ташкил қилмоқда.