Асқар Ақаев ўз халқидан кечирим сўради

Мустақил Қирғизистоннинг илк президенти Асқар Ақаев.

Қирғизистон мустақиллигининг 21 йиллиги нишонланган кунда Озодлик мухбири билан суҳбатлашган мамлакатнинг илк президенти Асқар Ақаев¸ 14 йиллик ҳокимияти даврида йўл қўйган хатолари учун қирғизистонликлардан узр сўради.
Мустақил Қирғизистон Республикасининг биринчи президенти¸ физик олим Асқар Ақаев 2005 йилда “Лолақизғалдоқ инқилоби” деб ном олган халқ исëни натижасида ҳокимиятдан ағдарилган эди. Оломон Бишкекдаги ҳукумат уйини ишғол қилиб турган бир пайтда¸ уни куч билан тарқатиш таклифини рад этиб¸ мамлакатдан чиқиб кетишга қарор қилган Ақаев ўшандан бери Москвада яшайди.

Қирғизистон мустақил давлат деб эълон қилинганига 21 йил тўлган 31 август куни Озодлик мухбири 67 яшар Асқар Ақаев билан суҳбатлашди.

- Мен сизнинг ишончингиз билан 14 йил президент бўлиб ишладим¸ юмшоқлик билан¸ яхши ният билан давлат идорасини бошқардим. Тўғри¸ бу йиллар давомида¸ муваффақиятсизликлар бўлди¸ катта хатоларга йўл қўйилди. Шунинг учун мен бугунги фурсатдан фойдаланиб¸ агар қилган хатоларим Қирғизистоннинг ўшандаги ва ҳозирги вазиятига салбий таъсир қилган бўлса¸ бутун қирғиз халқидан кечирим сўрайман¸ деди Ақаев.

Президент сифатида йўл қўйган камчиликларига тўхталган Асқар Ақаев¸ Қурманбек Бакиевни кичик завод директорлигидан вилоят губернаторлиги¸ сўнгра эса¸ Бош вазир вазифасига кўтарганини энг катта хатолик деб баҳолади:

- Мен янги даврда¸ янги давлатга бошчилик қилдим. Шу боис¸ ҳамма соҳада¸ иқтисод¸ сиëсат ва кадрлар танлашда кўп хатоларга йўл қўйдим. Буни санаб ўтишнинг ўзи қийин. Аммо кичкинигина бир завод директорини икки областга губернатор қилиб¸ сўнгра уни Бош вазир этиб тайинлашни президентлик давримда йўл қўйган энг катта хатоларимдан бири деб биламан¸ деди Қирғизистоннинг илк президенти.

Бакиевни мустақил Қирғизистон ва унинг халқига энг катта зиëн еткизган шахс сифатида таърифлаган Ақаев¸ уни ҳокимият тепасига олиб келган ўзи бўлгани боис¸ бу зиëннинг бир чеккасига ўзи ҳам масъул эканини тан олди.

Ақаев томонидан ҳокимиятга келтирилган Бакиев¸ 2005 йил март ойида Ақаевнинг ўзини ҳайдаб юборди. 2010 йилда эса¸ Бакиевнинг ўзи айни шундай халқ исëни воситасида Қирғизистондан ҳайдалиб¸ Беларусдан бошпана топди.

Озодлик мухбири билан суҳбат давомида Асқар Ақаев Қирғизистон сиëсий саҳнасига янги авлод сиëсатчилари келиб¸ мамлакатнинг бир пайтлардаги “Марказий Осиëдаги демократия оролчаси” деган обрўсини қайта тиклашига умид билдирди.

- Аммо янги сиëсий кучлар туғилиши учун шароит бўлиши керак. Кадрлар осмондан тушмайди¸ уларни ўстириш керак. Ҳозир ташқаридан туриб Қирғизистонда бундай шарт-шароит борлиги ҳақида гапирмаган бўлардим. Аммо қирғиз халқи ҳар доим кучли лидерларни¸ Чингиз оғамиз каби шахсларни яратиб келган. Агар мамлакатда бирлик бўлса¸ ҳозирги қийинчиликларнинг барини ҳал қилиб¸ Қирғизистонни демократик кучли давлатга айлантира олишимизга мен қаттиқ ишонаман¸ деди Асқар Ақаев.