Обама: Афғонистондаги аскарлар жуда оғир шароитларда

АҚШ президенти Барак Обама Афғонистондаги хорижий аскарлар ҳануз жуда оғир шароитларда қолаётганини таъкидлади.

Бу ҳақда Обама жума куни Техасдаги Форт-Лисс қуруқлик қўшинларининг ҳарбий базасида Афғонистонга жўнатилаётган аскарлар билан учрашуви чоғида гапирди.

- 11 сентябр терактларидан буён иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимизнинг қўллаши натижасида "Ал Қоида" лидерларининг анча қисмини йўқ қилишга эришдик. Ҳарбийларимизнинг матонати "Ал Қоида"ни мағлубиятга маҳкум қилди, Усама Бин Ладин эса энди ҳеч қачон АҚШга таҳдид қила олмайди, деди Обама.

Ироқдан АҚШ ҳарбийларининг олиб чиқилишининг икки йиллиги муносабати билан ташкил қилинган мазкур учрашувда Обама Афғонистондаги урушни ҳам тугатишга ваъда берди.

Таҳлилчилар Обаманинг бу чиқишларини республикачи Митт Ромни тарафидан унинг шаънига нисбатан айтилган танқидий фикрларга жавоб ўлароқ баҳоламоқдалар.

АҚШ Республикачилар партиясидан президентликка номзод Митт Ромни президент Обамани умид ва ўзгаришларга оид ваъдалари устидан чиқмаганликда айблади.

Ромни Обама бундан тўрт йил аввал сайлов олди кампаниясида берган ваъдалари кўпчиликка умид бағишлагани, лекин “бу умидлар пучга чиққани ва парокандалик”ка олиб келганини таъкидлади.