Собиқ маҳкум Сафаровга майор унвони берилди

Рамил Сафаров.

Озарбайжон Мудофаа вазири Сафар Абиев мамлакат президенти томонидан авф қилинган ҳарбий Рамил Сафаровга майор унвони берилганини эълон қилди.

Бу ҳақда хабар қилган "Тренд" агентлиги хабарига кўра, вазир Абиев аскар Сафаровни шахсан қабул қилиб, унга келгусидаги ҳарбий фаолиятида муваффақият тилаган.

Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Сафаровга квартира тақдим қилиб,унга қамоқдаги саккиз йилдан зиёд даври учун ойлик пули тўлади.

31 август куни Венгрия умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган офицер Рамил Сафаровни ватанига экстрадиция қилди.

Ўша куниёқ Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Сафаровга нисбатан амнистия қўллади.

Айни пайтда Ереван Венгрия билан дипломатик муносабатлар тўхталганини маълум қилди.

Расмий Вашингтон президент Барак Обаманинг арманистонлик ҳарбийни ўлдирган озарбайжонлик аскарнинг озод этилганидан “чуқур ҳавотирда” эканини билдирди.

Обама президент Илҳом Алиевнинг аскар Рамил Сафаровни амнистия қилиш қарорини “минтақадаги тангликни юмшатиш ва муросага эришиш учун қилинаётган ҳаракатларга қарши” дея баҳолади.

Ҳарбий Рамил Сафаров 2004 йили Венгрияда ўтган НАТО ўқув машқларида арманистонлик ҳарбий Гурген Маргарянни болта билан ўлдиргани учун бир умрлик қамоқ жазосини ўтаётган эди.

1991 йилда Ереван томонидан қўлланган арман сепаратчилари Озарбайжонга қарашли Тоғли Қорабоғ минтақасини қўлга олганидан сўнг икки давлат ўртасида уруш бошланган.

Уруш оқибатида камида 30 минг одам ўлгани айтилади.