Ереван Боку билан қуролли тўқнашув эҳтимолини назардан соқит қилмайди

Арманистон президенти Серж Саргсян.

Арманистон ўз қўшниси ва рақиби Озарбайжон бошлаши мумкин бўлган ҳар қандай урушда “жанг қилиш ва зафар қозониш”га тайёр.

Бу ҳақда кеча баёнот берган Арманистон президенти Серж Саргсян ўз мамлакати урушни истамаслигини, бироқ Боку Ереванни қуролли тўқнашувга мажбур қилиши мумкинлигини билдирди.

Саргсяннинг бу баёноти Озарбайжон ҳудудидаги арман озчилиги вакиллари томонидан бошқариб келинаётган ва ўз-ўзини мустақил деб эълон қилган Тоғли Қорабоғ мустақиллигининг 21 йиллиги муносабати билан янгради. Мазкур ҳудуд атрофидаги арман-озарбайжон баҳси ҳалигача ўз ечимини топмаган.

Шанба куни Ереванда юзлаб одам озарбайжонлик зобит Рамил Сафаровнинг Венгрия расмийлари томонидан Бокуга экстрадиция қилинишига қарши норозилик намойиши ўтказганди.

2004 йили Будапештда арманистонлик зобит Гурген Маркарянни ўлдирган ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Сафаров ўтган ҳафта сўнгида ватанига қайтарилди.

Озарбайжон расмийлари катта лейтенант Рамил Сафаровни авф қилиб, унга майор унвонини берган. Шунингдек, унга 8 йиллик маоши берилиб, квартира совға қилинган.

Жума куни Арманистон Венгрия билан дипломатик алоқаларни узган.