Шанхай ҳамкорлик ташкилоти - “инсон ҳуқуқларини бузиш учун машина”

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти “инсон ҳуқуқларини бузиш учун машинадир”. Маркази Парижда жойлашган Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси душанба куни эълон қилган ҳисоботнинг асосий хулосаси шундай.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳига кўра, ШҲТга аъзо давлатлар ташкилот низомини инсон ҳуқуқларига оид халқаро меъёрларни беписанд қолдириш учун баҳона сифатида ишлатмоқда.

Ҳисоботда Шанхай конвенциясига кўра, ШҲТга аъзо давлатларнинг ҳар бири бошқа аъзо давлат томонидан бирор шахсга нисбатан илгари сурилган террорчилик айбловини қабул қилиши шарт этиб кўрсатилгани қайд этилади. Бунда айбланаётган шахсни экстрадиция қилиш учун ҳеч қандай далил талаб қилинмайди.

Бу эса ШҲТга аъзо давлатлардан бирига қочган диссидент ва мухолифатчиларни террорчиликда айблаш ва уларни халқаро меъёрларга зид тарзда экстрадиция қилишга йўл очмоқда.

2001 йилда тузилган ШҲТга Ўзбекистон, Россия, Хитой, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон аъзодир.