Қирғизистоннинг Беларусдаги элчиси ишдан ҳайдалди

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев мамлакатнинг Беларусдаги элчиси Эрик Асаналиевни лавозимидан четлатди. Президент қарорига расмий изоҳ бебрилганича йўқ.

Қирғизистон ҳукумати Беларус режими собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг укаси Жанишни экстрадиция қилиш сўровини беписанд қолдириши ортидан, ўтган ҳафта Асаналиевни Бишкекка чақиртириб олган эди.

Қирғизистонда жиноятларда айбланаётган Жаниш Бакиевнинг Минскда тушгани айтилган расмлари ўтган ойда Интернетда пайдо бўлди.

Собиқ президент Қурманбек Бакиев 2010 йилда ҳокимиятдан қувилганидан бери Беларусда яшаб келади.

Ака-ука Бакиевлар Қирғизистонда 2010 йил апрел ойидаги исён пайтида 100 кишининг ўлдирилишига алоқадорликда айбланиб сиртдан суд қилинмоқда.

Ўтган ҳафта Қирғизистон Мустқаил давлатлар ҳамдўстлиги ижроия қўмитасига Жаниш Бакиевнинг эсктрадициясига кўмаклашишни сўраб мурожаат қилди.