Илҳом Алиевга нисбатан танқид кучаймоқда

Озарбайжон президенти Илҳом Алиевга нисбатан янграётган халқаро танқидлар кучайиб бормоқда.

Бунга президент Алиевнинг арманистонлик ҳарбийни ўлдирган озарбайжонлик зобит Рамил Сафаровни авф қилгани сабаб бўлмоқда.

2004 йили Будапештда арманистонлик зобит Гурген Маркарянни ўлдирган ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Сафаров ўтган ҳафта сўнгида ватанига қайтарилганди.

Озарбайжон расмийлари катта лейтенант Рамил Сафаровни авф қилиб, унга майор унвонини берган. Шунингдек, унга 8 йиллик маоши берилиб, квартира совға қилинган.

Европа Иттифоқи, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Минск гуруҳи, Қўшма Штатлар, Россия ва Венгрия зобитнинг авф этилганини танқид қилишди.

Венгрия ҳукуматига кўра, Сафаровни қайтаришни сўраган Озарбайжон у белгиланган умрбод қамоқ жазосини ўташда давом этишини ваъда қилган. Бироқ Сафаров Бокуга келиши билан президент Алиев тарафидан авф этилган.

Бунга жавобан Арманистон расмий тарзда норозилик билдирди ва Венгрия билан дипломатик алоқаларини узди.