Қирғизистон Тошкентга норозилик нотаси жўнатди

Чегарада отиб ўлдирилган Тўкўман Акматалиев хонадонида таъзия билдириш пайти.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон чегарачилари томонидан қирғиз фуқаросининг отиб ўлдирилишига норозилик сифатида расмий Тошкентга нота жўнатди.

Ўш вилоятининг Аравон туманида истиқомат қилган Тўкўман Акматалиев 6 сентябр куни ўзбек-қирғиз чегарасида ўққа учган эди. Ўзбекистон томонининг билдиришича, чегарадан ноқонуний ўтаётган фуқарони тўхтатиш мақсадида аввал ҳавога қарата ўқ отилган. Бироқ Тўкўман Акматалиев огоҳлантирувчи ўқ отилганига қарамай,ортга қайтмаган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришча, Ўзбекистон чегарачилари қўлида қурол бўлмаган қирғиз фуқаросига қарши ўқ отиб, адолатсиз ҳаракат қилган.