Президент Путин танқидчиси Думадан ҳайдалди

Россия Давлат Думаси депутатларининг аксар кўпчилиги жума куни Геннадий Гудковни Думадан ҳайдаш ҳақидаги таклифни ёқлаб овоз бердилар.

Ундан олдин прокурорлар Гудковни Дума аъзоси бўла туриб тадбиркорлик билан шуғулланганликда айблаган.

Президент Владимир Путиннинг очиқ танқидчиси ва мухолифатдаги Адолатли Россия партиясидан Думага сайланган Геннадий Гудков ўзига нисбатан бу ҳаракатларнинг сиёсий асосга эга эканини таъкидламоқда.

Адолатли Россия ҳамда Россия коммунистик партияси депутат Геннадий Гудковнинг Думадан ҳайдалиши қонун доирасида бўлган ёки бўлмагани юзасидан қарор чиқаришни сўраб Конституциявий судга мурожаат қилди.

Хабарларга кўра, Гудковга жиноий иш очилмаган.