Покистондаги портлашларда камида 8 киши ҳалок бўлди

Карачи шаҳридаги бозор ёнида юз берган икки портлаш олти кишининг ўлимига сабаб бўлди. Воқеада жароҳат олганлар сони ўндан ортди.

Маҳаллий полицияга кўра, майда темир бўлаклари билан кучайтирилган бомбалар масофадан туриб бошқарилган.

Ҳозирча ҳеч қайси тараф портлашлар масъулиятини ўз зиммасига олгани йўқ.

Балужистонга йўл олган эронлик шиа зиёратчилари автобуси ҳам ҳужум нишонига айланди.

Полицияга кўра, портлаш натижасида икки зиёратчи ҳалок бўлган, ўнга яқини жароҳат олган.

Ушбу портлаш масъулиятини ҳам ҳозирча ҳеч қайси тараф ўз бўйнига олгани йўқ.

Бироқ, кузатувчиларнинг айтишича, ушбу ҳудудда шиа зиёратчиларига уюштирилган ҳужумлар ортида асосан Толибон ҳаракати туради.