Грузияда қийноқлар масаласи сиёсий жанжалга айланди

Грузиянинг бир қатор шаҳарларида 19 сентябр куни норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Бунга мухолиф телеканалларнинг Тбилисидаги Глданск қамоқхонасида маҳбуслар қийноққа солингани тўғрисида тарқатган маълумоти сабаб бўлди.

Намойишчилар ҳукуматдан бу борада жиддий тергов ўтказиш ва маҳбусларни қийноққа солган ходимларни жазолашни талаб қилди. Президент Михаил Саакашвили Бош вазир Вано Мерабишвилига қамоқхона тизимида ислоҳотлар ўтказиш тўғрисида кўрсатма берди.

Саакашвили фармонига кўра, Грузиядаги қамоқхоналар ходимлари вақтинча ишдан четлатилиб, уларнинг вазифасини патрул полицияси ходимлари бажарадиган бўлди.

Грузия жазони ўташ маҳкамалари вазири Хатуна Калмахелидзе истеъфо берди. Мазкур идоранинг 10 ходими қамоққа олинди.