Воронежлик журналистлар ташвиқот карнайи бўлишни истамаётир

Твиттер тармоғида ёйинланган хабарларга кўра, шанба куни Россиянинг Воронеж шаҳрида “Журналистика сифати учун” шиори остида митинг ўтказилган.

Расмийлар рухсати олинган мазкур митинг иштирокчиларига кўра, акция ташкилотчиларининг мақсади минтақадаги журналистика ва медиатаълим сифатининг пастлигига жамоатчилик эътиборини тортиш бўлган.

“Биз - журналистлар, ўқитувчилар ва талабалар – расмийлар ва бизнес эътиборини журналистиканинг ижодий касб эканига, журналистларнинг эса тарғибот-ташвиқот винтчаси ва воситасига айлантирилишига йўл қўйиб бўлмаслигига қаратмоқчимиз”, дейилади Воронеж марказий майдонида бўлиб ўтган пикет резолюциясида.

Фаоллар хабарида улар бу минтақада журналистларнинг мустақил касаба уюшмасини ташкил қилиш устида иш бошлагани ҳам айтилади.