Россия Pussy Riotнинг мукофотга номзод этилишини танқид қилди

Pussy Riot панк гуруҳининг Европа Парламенти тарафидан нуфузли инсон ҳуқуқлари мукофотига номзод этиб кўрсатилиши Россия ҳукумати танқидига сабаб бўлди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Европа Парламентининг безорилик учун судланган уч қизни Сахаров мукофотига номзод этиб кўрсатишини Россиянинг ички ишларига аралашиш ўлароқ баҳолади.

Панк гуруҳи аъзолари Москвадаги Исо Масиҳ черковида президент Владимир Путинни танқид қилувчи қўшиқ ижро этгани учун ўтган ойда икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.

Pussy Riot аъзолари устидан ўқилган ҳукм қатор Ғарб давлатлари тарафидан танқид қилинди.

Бу йилги Сахаров мукофотига россиялик қизлар билан бирга эронлик кинорежиссёр Жафар Паноҳий ва ҳибсдаги беларуслик инсон ҳуқуқлари фаоли Алексей Беляцкийлар номзоди кўрсатилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Андрей Сахаров номидаги халқаро мукофот 1988 йилда таъсис этилган.