Михаил Саакашвили Россия танқидига жавоб берди

Грузия президенти Михаил Саакашвили: "Ҳукуматимизнинг қамоқдаги жанжалга бўлган жавоби Грузияни Россиядан фарқли ўлароқ демократик тамойилларга амал қилишини кўрсатади", деди.

Аввалроқ Интернетда Грузия қамоқларидан бирида қўриқчилар маҳбусларни таҳқирлаётгани тасвирга туширилган видео пайдо бўлган эди.

Душанба куни ушбу видеони шарҳлаган Россия ҳукумати вакиллари Грузияда инсон ҳуқуқлари поймол бўлаётганини таъкидлади.

Сешанба куни БМТ Бош Ассамблеясида чиқиш қилган Михаил Саакашвили танқидларни рад этди ва Москва Грузияда олиб борилаётган демократик ислоҳотларни ёқтирмаслигини, чунки улар минтақадаги бошқа мамлакатларга ўрнак бўлиши мумкинлигини айтди.

Саакашвили юқори минбардан туриб маҳбусларни таҳқирлашга алоқадор шахсларни жазога тортишга ва мамлакатдаги қамоқ тизимини ислоҳ қилишга ваъда берди.

Қамоқхонадаги можародан сўнг Грузия Ички ишлар вазири истеъфога чиққанди.