Суриялик қочқинлар сони 700 мингга етиши мумкин

Туркиянинг Хатой вилоятидаги суриялик қочқинлар лагери.

Қочқинлар бўйича БМТ агентлиги йил охирига бориб суриялик қочқинлар сони 700 минг кишига етиши мумкинлигини билдирди.

Қочқинлар бўйича БМТ Олий Комиссарлиги 27 сентябр куни эълон қилган баёнотда Суриядан қочиб чиққан 294 минг киши аллақачон Иордания, Ироқ, Ливан ва Туркия каби қўшни давлатлардан бошпана топгани¸ ҳамда бу мамлакатларда рўйхатдан ўтишни кутиб тургани билдирилган.

Айни пайтда, суриялик инсон ҳуқуқлари фаоллари Сурия президенти Башар Ал-Ассад режимига қарши қуролли кураш бошланганидан бери тахминан 27 минг киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, 26 сентябр куни Сурия бўйлаб яна 300дан ортиқ одам ўлдирилган.