Францияда мунозарали давлат бюджети қабул қилинди

Франция Бош вазири Жан-Марк Эро.

Франция ҳукумати 28 сентябр куни мунозараларга сабаб бўлаётган 2013 йилги давлат бюджетини қабул қилди.

Бюджетда 30 миллиард евролик бюджет дефицитини камайтириш учун солиқлар миқдори кескин оширилиши назарда тутилган.

Расмийларга кўра, камомаднинг учдан икки қисми энг бой фуқаролардан тушадиган солиқлар, қолган қисми ҳукумат идоралари сарф-ҳаражатларини қисқартириш ҳисобидан амалга оширилади.

Пайшанба куни Франция Бош вазири Жан-Марк Эро солиқлар оширилиши фақат 10 фоиз бой солиқ тўловчиларга тааллуқли бўлишини таъкидлади.

Эро 75 фоиз даромад солиғи фақат йилига бир миллион евродан кўпроқ даромад қиладиган 2000 – 3000 солиқ тўловчига тегишли эканини урғулади.

Танқидчилар фикрича, бадавлат одамларга катта солиқ белгилаш уларни Францияни тарк этишга мажбур қилиши мумкин.