Ироқдаги ҳужумларда ўнлаб одам ҳалок бўлди

Ироқ полицияси ва тиббиёт ходимларига кўра, якшанба куни мамлакат бўйлаб амалга оширилган ҳужумларда камида 20 киши ўлган, 70дан зиёд одам жароҳат олган.

Пойтахт Бағдоддан 20 километр шимол томонда жойлашган Тажи шаҳрида учта автомобилга ўрнатилган бомба портлагани натижасида камида саккиз киши ўлган, 20дан ортиқ одам жароҳат олган.

Айни пайтда, Бағдоддан шимол томонда жойлашган Бақуба ва пойтахтдан жанубда жойлашган Кут шаҳарларида ҳам автомобилга ўрнатилган бомбалар портлагини оқибатида бир неча одам ўлган.

Ҳужумлар учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади. Ироқда автомобилга ўрнатилган бомба ҳужумларини Ироқдаги Ал-Қоида гуруҳи уюштириб келган.