Футбол: "Бунёдкор" "Аделаида Юнайтед"га қарши ўйнайди

Бугун Тошкентда ўтадиган Осиё Футбол Конфедерациясининг Чемпионлар лигаси чорак финал жавоб ўйинида пойтахтнинг “Бунёдкор” жамоаси ва Австралиянинг “Аделаида Юнайтед” жамоаси майдонда куч синашишади.

19 сентябр куни Австралияда ўтган чорак финалнинг дастлабки ўйинида 2:2 ҳисобидаги дуранг натижаси қайд этилган эди.

Бугунги ўйин “Жар” стадионида Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланади.

“Қалдирғочлар” анъанавий оқ либосда, “қизиллар” эса қизил либосда майдонга тушишади.

Кеча бўлиб ўтган ўйинолди матбуот анжуманида “Бунёдкор” бош мураббийи Миржалол Қосимов “Аделаида Юнайтед” енгиш осон бўлган рақиб эмаслигини айтиб ўтди.

- Эртага жуда қизиқарли ўйин бўлади. Сабаби икки яхши жамоа куч синашади. Австралиядаги натижага қарамасдан, анча мураккаб учрашув бўлиши тайин. Албатта эртага, биринчи навбатда, ҳимояга асосий эътибор қаратилади, - деди бош мураббий.

Эслатамиз, бугун Ўзбекистоннинг футбол бўйича 16 ёшгача бўлган ўсмирлар терма жамоаси ҳам Эронда ўтаётган Осиё чемпионати ярим финалида мусобақа мезбонларига қарши майдонга тушади.