Грузия ҳукумати истеъфоси қабул қилинди

Грузия президенти Михаил Саакашвили мамлакат ҳукуматининг истеъфо тўғрисидаги аризасини қаноатлантирди.

Грузия раҳбари расмий сайтида маълум қилинишича, ҳукумат аъзолари вақтинча ўз вазифасини бажаришда давом этмоқда. Яқин кунларда 1 октябрда ўтган парламент сайловларида ғолиб бўлган “Грузия орзуси” мухолифат коалицияси янги ҳукуматни шакллантириши кутилмоқда.

Коалиция лидерларидан бири, парламент раислигига номзод Давид Усупашвилининг айтишича, “Грузия орзуси” конституцияни ўзгартирмоқчи ва амнистия тўғрисидаги қонун устида ишламоқчи.