Максим Бакиев сиёсий савдо воситасига айланадими?

Қирғизистонда Вашингтон ва Бишкек талаби билан Лондонда қўлга олиниб, кейин гаров эвазига озодликка чиқарилган собиқ президентнинг ўғли Максим Бакиев масаласи қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.
Қирғизистондаги Британия элчихонаси тарқатган маълумотда айтилишича, 12 октябрда Лондонда қўлга олинган Максим Бакиев 15 октябр куни ҳар ҳафта полиция рўйхатидан ўтиш, манзили аниқ жойда яшаш ва тунаш, дипломатик ва миллий паспортидан фойдаланмаслик шарти билан гаровга бўшатилган.

Қирғизистон Бош прокурори ўринбосари Людмила Усманованинг айтишича, шунга қарамай расмий Бишкек собиқ президент Қурмонбек Бакиевнинг иккинчи ўғли бўлган Максимни экстрадиция қилинишидан умидини узгани йўқ.

- Қирғизистон билан Буюк Британия ўртасида фуқароларни экстрадициялаш тўғрисида шартнома йўқ. Британия Максим Бакиевни АҚШга ўтказиб берганидан сўнг Бош прокуратура уни Қирғизистонга қайтариш масаласида конкрет иш бошлайди. Биз АҚШга ҳам Буюк Британияга жўнатган ҳужжатларимизни тақдим қиламиз, -деди Людмила Усманова.

Расмийнинг айтишича, Қирғизистон АҚШ билан ҳам экстрадиция қилиш тўғрисидаги шартномага эга эмас. Бироқ икки давлат ўртасида жиноятчиларни бир-бирига топширишга имконият яратиб берувчи халқаро меъёрлар мавжуд. АҚШ мана шу халқаро ҳужжатларга таянган ҳолда Максим Бакиевни Қирғизистонга топширади деб умид қилинмоқда.

Британия Максим Бакиевни АҚШга топшириш масаласини ўрганаётган эди. Чунки Вашингтон Максим Бакиевни қимматбаҳо қоғозлар билан товламачилик қилишда айбламоқда.Максим Бакиевга қўйилган айблов судда исботланса, у узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. АҚШ томони Максим Бакиевни Қирғизистонга топшириш масаласида ҳозирча гап бўлиши мумкин эмаслигини ҳам билдирган.

АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси расмийси Сюзан Вуд гапиради:

- Мен Максим Бакиевнинг айби исботланса ва жазо муддатини ўтаса, ундан кейин нима бўлишини башорат қила олмайман. У ўзига қўйилган айблволар учун жавоб бериши керак деган нуқтаи назардангина мана шу жараённи бошлаш ташаббуси кўтарилди, -деди Сюзан Вуд.

Қирғизистон парламентининг айрим депутатлари эса Британия Максим Бакиевни АҚШга ҳам, Қирғизистонга ҳам топширмайди, деган фикрдалар. Депутат Алмазбек Батирбековнинг айтишича, Британияда миллий иқтисодга сармоя ётқизган хусусий шахслар бошқа мамлакатларга топширилмаслиги ва қамоққа олинмаслиги тўғрисида қонун бор. “Шунинг учун Лондон Максим Бакиевни экстрадиция қилмайди”, деб ҳисоблайди депутат.

Қирғизистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенкулов эса Максим Бакиев масаласи АҚШ ва Қирғизистон ўртасидаги сиёсий чайқов воситаси бўлади, деган фикрда.

- Бу каби савдолашув бўлиши эҳтимол. Негаки, ҳозирги замон дипломатияси прагматизмга асосланган- сендан угина, мендан бугина деган форматдан иборат бўлиб қолди. Шунинг учун бу масала икки давлат ўртасидаги сиёсий савдо воситасига айланиши мумкин деб айта оламан, - деди Аликбек Жекшенкулов.

Максим Бакиев 2010 йил апрел ойида отаси Қурманбек Бакиев исён йўли билан президентликдан ағдарилгач, Лондонга қочган ва ўша ерда яшаб юрган эди.
У 12 октябрда АҚШ сўрови билан Лондон полицияси томонидан қўлга олинган. АҚШ томони уни иқтисодий жиноятларда айбламоқда. Қирғизистонда эса Максим Бакиевга давлатнинг милллион долларлаб маблағларини ноқонуний ўзлаштириш айби билдирилмоқда.