CPJ: Туркия матбуотга ҳужум қилаётган етакчи давлат

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси раҳбари Жоэл Саймон.

Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси душанба куни эълон қилган ҳисоботида Туркияни дунёда журналистларни қамовчи етакчи давлат, деб атади.

Ню Йоркда жойлашган ташкилот ҳисоботида айтилишича, 2012 йилнинг 1 августига келиб Туркия қамоқхоналарида сақланаётган журналистлар сони 76 нафарга етган.

Ташкилот бу журналистларнинг 61 нафари касбий фаолияти учун қамоққа олинганини тахмин қилади.

Шунингдек халқаро қўмита ҳисоботида келтирилишича, қамоқдаги журналистларнинг 70 фоизи курд миллатига мансубдир. Қолган 30 фоиз журналист эса давлат тўнтаришига алоқадорлик ёки ноқонуний ташкилотларга аъзоликда айбланган.

Қўмита раҳбари Жоэл Саймон Туркияда танқидий журналистиканинг террорга тенглаштирилишини мамлакат раҳбариятининг хавфсизликни сақлашга қаратилган чора-тадбирлари билан оқлаб бўлмаслигини айтди.

Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси ҳисоботида келтирилган яна бир маълумотга кўра, 2011 йилнинг охирига келиб Туркияда журналистларга қарши 5 минг атрофида жиноий иш очилгани аниқланган.

Қўмита раҳбарияти Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳукуматига "матбуотга ҳужумни тўхтатиш ва бунинг ўрнига журналистларга эркинлик берувчи ислоҳотларни ўтказиш орқали мамлакатда сўз эркинлигини кафолатлашни" тавсия қилди.