Сурияда ҳайит кунлари ўқ отиш тўхтатилади

Сурияда низолашаётган томонлар Қурбон ҳайит кунлари зўравонликлардан тийилишга рози бўлди.

Бу ҳақда Миср пойтахти Қоҳирадаги матбуот анжумани чоғида БМТ ва Араб лигасининг Суриядаги тинчлик элчиси Лаҳдар Браҳимий маълум қилди. Унга кўра, Сурия ҳукумати ва мухолифати Қурбон ҳайити кунлари ўқ отишни тўхтатишга рози бўлган.

26 октябр-жума куни мусулмон оламида Қурбон ҳайит байрами бошланади. Бу байрам Араб оламида уч-тўрт кун давом этади.

Браҳимийнинг мазкур баёноти арафасида Сурия ҳукумат кучларига қарашли ҳарбий учоқлар исёнчилар томонидан назорат қилинаётган бир қатор ҳудудларга парвоз қилгани айтилмоқда.